Сўнгги йилларда Оролбўйида ҳаётни тиклаш учун халқаро ҳамжамият ва Ўзбекистон ҳукумати катта маблағ ажратди. Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, тупроқ ва ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган кўплаб йирик ижтимоий-экологик лойиҳалар амалга оширилди.
Молиявий ёрдам ва сармоялар ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шу билан бирга, уларнинг қандай ва қаерга сарфланаётгани ҳақида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада шаффоф тизим юритиш ёки мавжуд ахборот платформаларида очиқликни таъминлаш — бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Молиявий маълумотларнинг тарқоқлиги ва очиқ эмаслиги аҳоли орасида ишончсизликни кучайтирмоқда, бу эса давлат ва фуқаролар ўртасидаги ижтимоий масъулият занжирини заифлаштиради. Шунинг учун ушбу таҳлил Оролбўйига йўналтирилаётган маблағларнинг ҳақиқий сарфи, аҳолининг бу борадаги фикри ҳамда очиқлик даражасини кўриб чиқишга қаратилган.
"Далиллар билан кўрсатишсин, нима қаерга ишлатилаётганини"
Аҳоли орасида ўтказилган ижтимоий сўровнома (86 нафар респондент иштирокида) кўрсатадики, маблағлар ҳақида ахборот кам, одамлар нафақат сарфдаги шаффофликни, балки натижавийликни ҳам сезмаяпти. (1-график)
Cўровнома шуни кўрсатдики, 59 киши (68,6%) маблағлар қаерга сарфланаётгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмас, бироқ бу мавзу улар учун қизиқ. 13 киши маблағларнинг мақсадли сарфланаётганини таъкидласа, қолган 12 киши маблағларнинг самарали ишлатилмаётганлигини қайд этди.
Фикрлар орасида маблағлар экологик тикланиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга йўналтирилиши кераклиги айтилган. Шу билан бирга, шаффофликни ошириш, лойиҳа ижросини мустақил мониторинг қилиш ва маҳаллий аҳолини лойиҳаларга жалб этиш зарурлиги таъкидланди. Айрим респондентлар мавжуд ишларни ижобий баҳолаб, айримлари эса очиқ маълумотларнинг етишмаслиги, жамғарма фаолияти ҳақида оммага доимий равишда маълумот тақдим этилмаслиги сабаб норозилик билдирди. Шунингдек, ажратилаётган катта маблағларга қарамай, Орол ҳолатининг ёмонлашиши билан боғлиқ саволлар ҳам кўтарилди.
Ички сармоялар: Маҳаллий бюджет – харажатлар ва шаффофлик синовида
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига асосланиб айтиш мумкинки, Қорақалпоғистон Республикасида асосий капиталга давлат бюджети ҳисобидан йўналтирилган инвестициялар улуши 2023-йилда 9,3 фоизгача камайган.(2-график).
Хорижий инвестициялар улуши эса, аксинча, деярли 57 фоизга ошди.(3-график)
Хорижий сармоялар ва кредитлар Қорақалпоғистон Республикасининг асосий капиталига йўналтирилган инвестициялар ҳажмининг ярмидан кўпроғини ташкил этди.(4-график)
Ҳам ижтимоий, ҳам экологик ташаббусларни молиялаштириш манбалари диверсификация қилинди.
Давлат ва маҳаллий маблағлар бўйича, 2017–2021-йилларда ташаббускорлар ва тижорат банклари томонидан 200 млрд сўм ажратилган, 2023-йилда бу рақам турли манбалар ҳисобидан 30,5 млрд сўмни ташкил этган (5-график). Шу билан бирга, 2020-йилда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига 89,55 млрд сўм, сув ҳавзалари ва ўрмонлаштириш лойиҳалари учун эса 11,3 млн сўм сарфланган.Давлат ва маҳаллий маблағлар бўйича, 2017–2021-йилларда ташаббускорлар ва тижорат банклари томонидан 200 млрд сўм ажратилган, 2023-йилда бу рақам турли манбалар ҳисобидан 30,5 млрд сўмни ташкил этган (5-график). Шу билан бирга, 2020-йилда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига 89,55 млрд сўм, сув ҳавзалари ва ўрмонлаштириш лойиҳалари учун эса 11,3 млн сўм сарфланган.
Бу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг экологик стратегияси аниқ молиявий асосга эга эканлигини кўрсатади. Бундай ёндашув экологик фалокатлардан зарар кўрган ҳудудлар, жумладан, Оролбўйи минтақасида ҳаёт сифатини яхшилаш, барқарор яшаш шароитларини яратиш ҳамда глобал экологик муаммоларга қарши курашда минтақавий етакчиликни кучайтиришга хизмат қилади.
2017−2021-йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича давлат дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 18-январдаги қарори (ПҚ-2731) билан тасдиқланган бўлиб, умумий қиймати 8,4 трлн сўмдан ортиқ (тахминан $800 млн) бўлган 67 та лойиҳани амалга оширишни ўз ичига олган. Дастурни амалга ошириш давомида Орол денгизи экологик ҳалокати оқибатларини камайтириш ва минтақа аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган 250 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилди. Натижада вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш доирасида 4,5 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. Дастурда аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланишини сезиларли даражада яхшилаш кўзда тутилган эди: марказий сув таъминотига уланган аҳоли улуши 2021-йилга келиб 50,8 фоиздан 74 фоизга ошиши керак эди.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов 2021-йил май ойида "Газета.uz"га берган интервьюсида Қорақалпоғистонда марказлашган ичимлик суви таъминоти даражаси 40 фоиздан 67,1 фоизга ошганини айтганди.
Шунингдек, дастурда давлат бюджети ва халқаро кредитлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, қишлоқ хўжалиги, туризм, саноат салоҳияти ва хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳалар, шу жумладан, "Орол oaзиси" туристик мажмуасини ташкил этишни ўз ичига олган 1,5 трлн сўмдан ортиқ қийматдаги сув қувурлари, сув тармоқлари, сув олиш қудуқлари ва насос ускуналарини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020-йил 11-ноябрдаги "2020 - 2023-йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, 2020-2023-йилларда умумий қиймати 11,2 трлн сўм бўлган 1 359 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 16 060 та янги иш ўрни яратилди. Дастур 2 788 та объектни қамраб олган бўлиб, ҳудудий инвестиция зоналари ва саноат кластерларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий соҳани яхшилашни назарда тутган.
2021-йил 18-май куни БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг ялпи мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.
Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш бўйича 2022-2026-йилларга мўлжалланган "Йўл харитаси" доирасида инновацион ва экологик йўналтирилган чора-тадбирларни комплекс жорий этиш режалаштирилган эди. Асосий йўналишлар экотизимларни самарали бошқариш ва ресурсларни тежашга қаратилган технологик кластерларни яратиш, "яшил" иш ўринларини рағбатлантириш учун иқтисодий ва молиявий инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, инвестициялар ва минтақанинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшадиган ер ислоҳотларини амалга оширишни ўз ичига олди.
Хусусан, Нукусда "Ёш олимлар академияси," "Ёшлар технопарки," ўсимлик уруғлари генетик банкига эга лаборатория, бизнес акселератори ва Оролбўйи халқаро инновация маркази қошида ўқув маркази ташкил этиш кўзда тутилган эди. Экология соҳасида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб турларини электрон хариталаш ва маълумотлар базасини яратиш, ҳаво ва ер ости сувлари ифлосланишини мониторинг қилиш учун автоматлаштирилган станциялар ўрнатиш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни сув билан таъминлашни яхшилаш учун артезиан қудуқлари қазиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 2,5 минг гектар майдонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда шўр сувни чучуклаштириш технологиялари ва ёмғирлатиб суғориш тизими жорий этилди. Минтақа иқтисодиётида "яшил," ресурс тежовчи ва айланма технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг 2022-2023 йилларга мўлжалланган "Йўл харитаси"ни амалга ошириш бўйича расмий ҳисоботга кўра, қуйидаги натижаларга эришилди:
- 2022-йилда давлат ўрмон фонди ерларида 1 340,5 минг гектар (1 340 500 гектар) майдонда ўрмонзорлар барпо этилган.
- 2023-йилда ўрмонлаштиришнинг режалаштирилган кўрсаткичи 1 600 минг гектарни (1 600 000 гектар) ташкил этди. Икки йил (2022 ва 2023) давомида янги ўрмонзорларнинг умумий майдони 2 940,5 минг гектарга (2 940,5 минг гектар) етди. Жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида 2022-2023-йилларда 1 000 минг гектар (1 000 000 гектар) майдонда ўрмонзорлар барпо этилган.
Шунингдек, Йўл харитасини амалга ошириш доирасида ўнлаб янги питомниклар ташкил этилди, ўрмон фондини мониторинг қилиш ва бошқаришнинг замонавий усуллари жорий этилди, кадрлар малакасини ошириш ва институционал салоҳиятни ривожлантириш бўйича тадбирлар ўтказилди. Ҳисоботда йиллар бўйича молиялаштиришнинг аниқ суммалари келтирилмаган, бироқ тадбирларни амалга ошириш давлат бюджети ҳисобидан, шунингдек, халқаро ташкилотлар (GIZ, FAО, Европа Иттифоқи ва бошқалар) кўмагида амалга оширилганлиги қайд этилган.
Донорлар маблағлари: асосий йўналишлар
Орол денгизи ҳамон жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлиб, экологик ҳалокат макони сифатида эътироф этилмоқда. Сўнгги йилларда ушбу муаммони ҳал этиш учун халқаро жамғармалар томонидан ажратилган маблағлар ҳажми бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг юқори фаоллигидан далолат беради.
2022-2024-йиллар давомида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) орқали Оролбўйи минтақасини ривожлантириш учун катта маблағлар ажратилди. 2022-йилда ОТБ ва бошқа донорлар (шу жумладан Ўзбекистон ҳиссаси) жами $194,8 млн ажратди. Ушбу маблағлар инфратузилмани яхшилаш, экологик тикланиш ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашга йўналтирилди. Асосий эътибор Сурхондарё вилоятидаги Боботоғ каналини модернизация қилишга қаратилди - 18 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш айнан унга боғлиқ. Ишлар канални тўлиқ реконструкция қилишдан бошланди: қирғоқлар мустаҳкамланди, бетон қопламаси ўзгартирилди, сув таъминотини бошқариш имконини берувчи янги иншоотлар ўрнатилди - оддий чиқиш жойлари ва кўприклардан тортиб мураккаб назорат тизимларигача. Канал бўйида замонавий гидропостлар, автоматик ўлчов асбоблари пайдо бўлди.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида эски дренаж тизими тозаланди, бу эса тупроқнинг шўрланиш даражасини пасайтиришга ёрдам беради - бу минтақадаги қишлоқ хўжалигининг асосий муаммоларидан биридир. Лойиҳа максимал даражада фойдали бўлиши учун унга маҳаллий аҳоли ҳам жалб қилинди: кимдир қурилишда вақтинчалик иш топди, кимдир яхшиланган суғориш тизимига уланиш имкониятига эга бўлди. Буларнинг барчаси канални шунчаки таъмирлаш эмас, балки янада барқарор қишлоқ хўжалиги ва минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги қадамдир.
USAID эса 2022-йилда $1,6 млн миқдорида ёрдам кўрсатди. Бу маблағлар асосан маҳаллий ҳамжамиятлар билан ишлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини қўллаб-қувватлаш учун сарфланди.
БМТ Тараққиёт Дастури (UNDP) 2022-йилда $175 минг, 2023-йилда $74 411, 2024-йилда эса $52 810 миқдорида маблағ ажратди.
Одатда, UNDP барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди.
Шунга қарамай, ҳар йили ажратиладиган маблағларнинг камайиш тенденцияси кузатилмоқда. Хусусан, БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан кўрсатилаётган ёрдамнинг камайиши донорлик фаолиятининг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ушбу рақамлар халқаро ташкилотларнинг Оролбўйи экологик вазиятини яхшилашга қаратилган эътиборини кўрсатади.
БМТТД томонидан Оролбўйи учун ишлаб чиқилган Йўл харитасига кўра, 2022–2024-йилларда $300 мингдан ортиқ маблағ ажратилган.
2022-йилда БММТД ажратган $175 минг мониторинг тизимларини яратиш, халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб этиш ҳамда зарур инфратузилмани ташкил этишга қаратилган. Маблағларнинг катта қисми — $116 100 — халқаро маслаҳатчилар хизматларига сарфланган.
2023-йилда ажратилган $74 411 маблағнинг асосий қисми маҳаллий ходимлар иш ҳақи, техник жиҳозлар ижараси ва компаниялар билан шартномаларга йўналтирилган. Ушбу босқичда Йўл харитасининг амалий қисми ва мониторинг механизмлари ривожлантирилган.
2024-йилда $52 810 ажратилган бўлиб, улар халқаро ва маҳаллий экспертлар хизматлари ҳамда маъмурий харажатларга йўналтирилган. Бу даврда лойиҳа самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолашга асосий эътибор қаратилган.
Ушбу уч йиллик маблағ тақсимоти БМТТДнинг Оролбўйи инқирозига қарши стратегик ёндашувини намойиш этади. Маблағларнинг 60 фоиздан ортиғи халқаро ва маҳаллий экспертлар хизматларига сарфланган, қолган қисми бошқарув, техник таъминот ва мониторинг учун ишлатилган.
Оролбўйининг барқарор ривожланишига қаратилган молиявий сармоялар, жумладан давлат бюджетлари, халқаро грантлар ва махсус фондлар, Орол денгизининг қуриб бориши ва унинг оқибатларига юқори эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Бироқ, катта рақамлар ортида асосий мақсадни – ушбу ҳудудда яшовчи одамларнинг ҳаёти қандай ўзгаряпти – кўриш муҳимдир. Ичимлик суви таъминоти, тиббиёт муассасаларининг қурилиши, яшил майдонларни кўпайтириш ва ижтимоий инфратузилманинг ривожланиши ижобий ўзгаришларни кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, асосий капиталга инвестицияларда корхоналар ва аҳоли томонидан ажратиладиган ўз маблағлар улушининг камайиши хавотир уйғотади.
Бу хусусий секторнинг иқтисодий фаолиятининг қисқаришини ва ташқи молиялаштириш манбаларига — ҳам давлат, ҳам халқаро — қарамликнинг ошишини кўрсатади. Бундай тенденция алоҳида эътиборни талаб қилади, чунки барқарор ривожланиш ҳудуд аҳолиси ўз ташаббуси ва иштирокисиз мумкин эмас.
Халқаро молиялаштиришнинг камайиши ва айрим экосистемага оид ечимларнинг чекланганлиги шаффофлик, узоқ муддатли режалаштириш ва комплекс ёндашув зарурлигини яна бир бор таъкидлайди. Фақат шу тарзда маблағларни сарфлаш эмас, балки ҳудудни ҳақиқатан тиклаш, уни экологик фалокат рамзидан барқарор ва инклюзив ривожланиш намунаси даражасига олиб чиқиш мумкин бўлади.
Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, Оролбўйи учун ажратилаётган маблағлар ҳажми сезиларли бўлса-да, уларнинг таъсири аҳолига етиб бормаяпти ёки етган тақдирда ҳам, бу ҳақида жамоатчилик хабардор эмас.
Хулоса қилиб айтганда, аҳолида маблағларнинг қандай сарфланаётгани юзасидан шубҳа ва саволлар мавжуд. Шунинг учун давлат ва халқаро молиявий ташкилотлар томонидан ажратилаётган маблағларнинг ишлатилиши ҳақида очиқ, мунтазам ва тушунарли ахборот тақдим этилиши учун тизим яратиш лозим. Бу жамоатчилик ишончини оширади ҳамда маблағларнинг самарали ишлатилишини таъминлайди.
Муаллифлар: Сапура Темирханова
Илҳомжон Абдусаломов
Ҳилола Махмудова
Севинч Хасанова
Дата муҳаррир: Дарья Османова – Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директори ўринбосари, медиа эксперт, медиа тренер